Ўзбекистон терма жамоаси КХДРни мағлуб этди. Нестеровга раҳмат

kod
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Осиё Кубоги гуруҳ босқичи биринчи турида КХДР терма жамоасига қарши майдонга тушди ва ғалабага эришди.

Учрашув анча оғир ўтди. Бу ўринда нафақат рақиб, балки ноқулай об-ҳаво ҳам жамоаларга оғир вазият юзага келтирди. Биринчи бўлимда бошланган ёмғир иккинчи бўлимда кучли жала кўринишига келтирди ва ўйиннинг боришини қийинлаштирди.

Шунга қарамай Миржалол Қосимов шогирдлари учрашувда ғалаба қозонишга муваффақ бўлдилар. Биринчи бўлимда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тўпга эгалик қилишда катта устунликка эга бўлган бўлсада, бу устунликни хавфли вазиятга қадар етказа олмади. Бир марта Тимур Кападзе бош билан берган зарба дарвоза устунига тегиб қайтганини инобатга олмаганда, гол уриш учун қулай вазият деярли яратилмади.

Иккинчи бўлимда КХДР терма жамоаси ҳам анча фаол ўйин кўрсатди. Ўзбекистон терма жамоаси эса ҳимояни унутмаган ҳолда ҳужумга ўтиб турди. Мана шундай ҳужумлардан бири гол билан якунланди. Сервер Жепаров чап қанотдан олдинга ўтиб борди ва тўпни ҳаволатиб Игорь Сергеев томон оширди. Тан олиш лозим, тўп идеал тарзда ошириб берилганди. Игорь Сергеев ҳам шунга монанд бош билан идеал зарба берди ва ҳисобни очди.

Игорьт Сергеевнинг ўзи иккинчи голни киритиши мумкин эди. Аммо Сардор Рашидов қанотдан ошириб берган тўпга зарба беришда унга аниқлик етишмади. Шунингдек Тимур Кападзе ва Санжар Турсуновларда ҳам гол уриш учун қулай вазият юзага келганди. Бироқ учрашувда ҳисоб ўзгармади.

Учрашувнинг қўшиб берилган дақиқаларининг сўнгги сониялари ўтаётганда Игнатий Нестеров хавфли зарбани бартараф этди. Шу билан Ўзбекистон терма жамоаси муҳим ғалабани қўлга киритди.

Осиё Кубоги, «В» гуруҳи.

Ўзбекистон - КХДР 1:0

Гол: И.Сергеев, 63

Ўзбекистон: Игнатий Нестеров, Анзур Исмоилов, Шавкат Муллажонов, Виталий Денисов, Акмал Шорахмедов, Тимур Кападзе, Санжар Турсунов (Ж.Искандеров, 90), Азиз Хайдаров, Одил Ахмедов (С.Рашидов, 72), Сервер Жепаров, Игорь Сергеев (Б.Насимов, 87).

КХДР: Ри Мёнг Гук, Жанг Сонг Хёк, Жон Кванг Ик, Рянг Йонг Ги, Пак Сонг Чол, Пак Кванг Рёнг, Жонг Ил Гван, .Жанг Кук Чол, Ча Жонг Хёк, Со Хён Ук (Ом Сол Чол, 65), Ри Йонг Жик

Огоҳлантириш: Ри Ён Жик, 77, А.Шораҳмедов, 85

Манба: www.uff.uz  

Ваши отзывы

  • Коментарии
Яндекс.Метрика