МУҲАББАТ ҚИССАСИ

kod
...Севмай туриб уйлансанг, Шоир бўлиб кетасан!
Иқбол Мирзо

Талаба эдимми бироз ғўр, дайди,
Қорним оч бўлса ҳам ғариб кўнгил тўқ.
Ҳаётнинг мазмуни қиз зоти бўлса,
Менга ўша қиздан бошқа зўри йўқ.

Оқшомларим басир, мижжаларим ўқ,
Кўз ўнгимда ҳарир кўйлакда бир қиз.
Телефон — қўнғироқ қиламан, "О, йўқ”,
Овозинг... Овозинг... Овозинг тенгсиз.

Сўнг дағал бир товуш, ўчади уйқум,
Гапимизга сўнгги нуқтани қўяр.
Тахминимча аканг юраги қуйқум,
(Ўзинг айт ким сени мендайин суяр?)

2
Тонг отар.
Кечамдан нолиб ҳар сафар
Ва яна недандир қиламан араз.
Домла Шекспир ё Ҳесседан жаврар,
Менинг қулоғимга кирмас сира дарс.

Жаҳон адиблари кўтаринг қадаҳ,
Танаввул қилайлик сўзлардан ул-бул.
Аста буриласан аллаким томон,
Танбеҳ домла, койийди нуқул.

Қандай шогирд бўлдим олим устозга,
Ахир, устоз доим бизни аяйди.
Балодай кўринди домла шу тобда,
Ахир, ахир, сени нега койийди.

Қор ёғиб турарди қовоқларимдан,
Қўнғироқ чалинди ташқари чиқдик.
Университет боғи. Майин ел.
Дўстлар...
Сен эса бировга нигоҳинг тикдинг.

Бегонага кулдинг, аланга олдим,
Ғазабим эсимни кемирди, битдим.
Мен сенга тикилдим, сен эса унга,
Яна даврамизга қайтишинг кутдим.

Кутдим.
Қўлтиқлашиб кетавердинг жим,
Койиндим: — Шу қизни севмайин ўлай.
Менинг ҳам бормиди негадир ҳаққим?
Ўзинг айтгин яна нима деб ўйлай?

3
Ишқим охиратга ўхшайди буткул,
Кириш бору бунда кетишга йўл йўқ.
Икки тентак битта калтак бўлмасак
Хону-монимизни куйдиради чўғ.

Ўйлар кўп, ўйлардан топмадим роҳат,
Миямда чарх урар миллиард хаёл.
Бу қандай разиллик, қандай қабоҳат?
Наҳот хиёнатга яралган аёл?!.

4
Эҳтимол қарғадинг журъатсизлигим,
Мен ишқ оламида оддий бир ҳаммол.
Сени кўриш менинг катта бойлигим,
Мени кўрмоқлигинг келарми малол?

Эй, дайди дилимни асир этган қиз,
"Меники бўлсайдинг”, бу ҳам тилак-да.
Тушдан сўнг ақлимни йиғиб оламан,
Подачининг ўғли бўлсам керак-да.

Кимдандир эшитдим совчи келибди,
Мунча манглайим шўр, эссиз-а эссиз.
Нечун безовтасиз, дардлисиз, ғамнок,
Ахир, учрашган ҳам, танишган ҳам сиз.

Севгингиз шунчаки эрмак бўлдими?
Ишқингиз булбулмас зоғлар куйлабди.
Пешона — сиз севган ўша йигитни
Отаси ўзга бир қизга уйлабди.

Э, воҳ! Бу сўзларим не қилиб қўйдим,
Наҳот ўз-ўзимни итардим чоҳга.
Яшамоқликдан ҳам шунчалик тўйдим,
Наҳот ботиб қолдим шунча гуноҳга?

5
Дунё жафокор эмас,
Жафо қиларкан одам.
Бошга бало орттириб,
Хато қиларкан одам.
Севгилим деганинг гоҳ,
Довриғини сураркан.
Исканжада билдирмай,
Ортингдан тиғ ураркан.

Худо севишганларни
Жуда мустаҳкам бойлар.
Лек бугун Қалдирғоч йўқ,
Саноқлидир Қултойлар.
Мен ишққа ниҳол бўлсам,
Эзгу амал шуурда.
Бироқ қандай кўкарай
Ултонтозлар бор ерда.

Бу ҳам қисмат дейдилар,
Муҳаббатга қўним йўқ.
Ошиёнсиз дайдилар,
Ошиқларга ўлим йўқ.
Ойлар ўтар, йил ўтар,
Бир кун гадо бўламан.
Сенсизликда яшолмай,
Ердан сазо бўламан.

6
Мендан хафа бўлма, борим шу нетай?
Яшаяпман итдек ўзимни талаб.
Қанийди қўлимда бўлса бу тақдир,
Тақдир деганлари шу бўлса, ажаб .

Ҳаёт қизиқ ўйин ниҳоят билдим,
Қўймас экан дилнинг доғин ўчирмай.
Дунёга мен сени топгани келдим,
Аммо нима топдим сени кечирмай.

Ҳаёт бу — кўпкари, етсам улоққа
Яшар эдим шодон, кўнгил тўлдириб.
Ёмон ёшитилса ҳамки қулоққа
Айт-чи, нима топдинг мени ўлдириб?

7
Дўстлар гўзалми, деб ошиқманг сира,
Таъриф айлайинми тўлиб, гоҳ тошиб.
У шундай мафтункор, шундай бокира,
Унга ошуфтаман дунёлар ошиб.

У мен учун ой, мен учун юлдуз,
Уни деб қаддимни букканман.
Уни деб кечганман ҳаётдан,
Унга деб умримни тикканман.

Ўн тўққиз ёшида ҳушидан кечган,
Ўн тўққиз йил ўтган умрга эссиз.
Мени бу дунёда руҳсиз тан этган,
Ўн тўққиз, ўн тўққиз ёшга тўлган қиз.

Мен уни қўлимда кўтарар эдим,
Бир боғбондан битта боғ ҳам қолади.
Кетмонни елкангга олма дердилар,
Йўқса у бошингга чиқиб олади.

Мен эса бу гапга солмадим қулоқ,
Оддий нақл дедим, оддий гап дедим.
Пушаймон, пушаймон, пушаймондаман,
Ўзимнинг ишимдан ўзим панд едим.

8
Кўнгилни тирнайди тушунарсиз ҳис,
Қуёшнинг нури ҳам бермайди тиним.
Дилим яралади бир бераҳм қиз,
Бунга даво борми оға-ю иним?

Армон бедаво дард. Ҳушим паришон,
Уйлан деди, хаёл суриб уйландим.
Шоир бўламан деб, энг дардли шоир,
Худо гувоҳ севмай туриб уйландим.

Ишқ бир илоҳ экан, ишқ жаннат экан,
Ишқ бир руҳсиз тан, оловсиз жисм.
Ишқ бу дунё экан, ишқ бу жаҳаннам,
Севиб бекор қилдимми, йўқми азизам.

Севги бу —
Севги бу — дард — ситам азал,
На боши ва нада йўқ эрур сўнги.
Қайси қиз гўзал деб сўраманг мендан,
Етти дунёда йўқ у қизнинг тенги. 

Ваши отзывы

  • Коментарии
Яндекс.Метрика