СОҒИНДИМ…
Дата релиза:
Просмотров: 256
Просмотров: 256
Средний балл: 0
– Алло, – дея ўттизлардан ошган йигит рулдалиги сабаб телефонини баланд овоз режимига ўтказди.
– Дада, – жавоб берди олти-етти ёшлар чамасидаги бола, – Ойим ҳали келмаптилар.
– Яна-я? – энсаси қотди йигитнинг, – Овқатингни тайёрлаб қўйибдими?
– Билмадим, ҳали қарамадим.
– Айтганча, ўғлим, машинамда ручканг қолиб кетибди, эртага сенга сенга керак бўлмасмиди?
– Йўқ, майли, менда бошқаси бор.
– Яхши, – йигит шундай деб машинасини асосий йўлдан кўп қаватли уйлар жойлашган кварталга олиб кирувчи йўлга бурди, – Ойинг келса нима дейишни биласан-а? Қани бир қайтарчи!
– Ойимга салом бераман, нега кеч қолганини сўрайман, мен бўлсам аллақачон келиб бўлганимни айтаман.
– Нимада келдим дейсан?
– Автобусда.
– Яхши, мен ҳақимда сўрасачи?
– "Дадамни кўрмадим, улар олдимга келмай қўйдилар. Уларни жуда соғиндим, дадамнинг олдига олиб боринг!” дейман.
– Қанақа овозда? – жилмайиб сўради йигит. Болакай юқоридаги гапларни ғингшиган товушда такрорлади.
– Баракалла, ўғлим. Фақат бошқа нарсаларда ойингга ёлғон гапирмагин, хўп?
– Хўп, дада.
Йигит машинасини кўп қаватли уйларнинг бири ёнида тўхтатди.
– Бўпти, ўзингни эҳтиёт қил! Эртага ҳам агар ишдан бўшай олсам ўқишингдан олиб кетаман.
– Хўп. Хайр, дада.
– Бўпти, хайр.
Йигит телефонини олиб, алоқани узди-да, машинадан тушди. Эшикни беркитиб, йўлакларнинг бирига кириб кетди. Зинадан кўтарилаётган пайтда телефони жиринглади. Мониторга қаради-ю, жавоб бермади. Иккинчи қаватга етиб хонадонлардан бирининг эшигини оча бошлаганида жиринглашдан тўхтади-ю, кўп ўтмай яна бошлади. Йигит уйга кириб оёқ кийимини ечаётганда ичкари хонадан қулоғига телефон тутганча саккиз-тўққиз ёшлар чамасидаги қиз чиқди. Қиз уни кўриши биланоқ телефонни қулоғидан олди. Шу заҳоти йигитнинг жиринглаётганган телефони ҳам "ўчди”.
– Ассалому алайкум, дада. Қачон келаркансиз деб қўнғироқ қилаётгандим.
– Ваалайкум ассалом, қачон келдинг?
– Ҳозиргина.
Ҳақиқатдан қиз ҳали ҳам мактаб формасида эди. Йигит бош чайқаб, йўл-йўлакай галстугини ечганча ичкари хонага кириб кетди ва эшикни ичкаридан беркитиб олди. Қиз эса югурганича дераза олдига бориб, пастга энгашди. Пастда, дадасининг машинасидан сал нарироқдаги дарахт орқасидан унга мўралаб турган аёл қизни кўриб панадан чиқди. Қиз унга қўл солкиди. Аёл ҳам қўл силкиди, кейин ҳаводан бўса йўллади-да, кетди.
Ичкаридан йигитнинг овози эшитилди.
– Ойинг олдинга келмадими?
– Йўқ – жавоб берди қиз ундан узоқлашаётган аёлга маъюс тикилиб, – Уларни жуда соғиндим
- Теги:
СОҒИНДИМ…
Ваши отзывы
- Коментарии