ЭРКАК ЙИҒЛАЙДИ HIYONAT HAQIDA SHERLAR

kod
Эзгу орзулари бўлган чоғда пуч,
Ёр хиёнатинга келганинда дуч.
Нафсини енгмоққа тополмаса куч,
Қалбин ўртаб армон-эркак йиғлайди.

Хақиқат оловдир, лоф синиқ шиша,
Хақ гапни айтмоқдан қилмам андиша.
Қизи бўлиб қолса ногох фохиша,
Тополмай бир дармон-эркак йиғлайди.

Чексиз хасратларга қолганда ботиб,
Айрилиқ шаробин кўрганда тотиб.
Боласин тобутин елкага ортиб,
Юрак бергач фармон-эркак йиғлайди.

Хизмат қилолмаса тикиб жонини,
Рози қилолмаса онажонини.
Тупроққа қўйганда онажонини,
Қилиб нола-афғон эркак йиғлайди.

Дўсти сотиб кетса оғир онида,
Дардкаши қолмаса асло ёнида.
Омади чопмаса ишқ майдонида,
Ва қилсалар бўҳтон эркак йиғлайди.

Шайтон қучоғида ётса боласи,
Виждонин иблисга сотса боласи.
Қариялар уйига отса боласи,
Тутманг унга осон-эркак йиғлайди.

Харомни танласа халол турганда,
Ёшлик увол бўлиб, бахт юз бурганда.
Қирқ дўсти бўлмаса қирққа кирганда,
Қалбан айлаб исён-эркак йиғлайди.

Чойхонада ўтиб умри, ўнг-сўлин,
Қайғу эгалласа, хирс тутса қўлин.
Хеч масжид томонга бурмаса йўлин,
Кеч уйғонса виждон-эркак йиғлайди.

Тошданда қаттиқдир етимлик нони,
Қисматида бўлса сағирлик они.
Минг бир азобларда қолганда жони,
Ё Раб, бер деб имкон-эркак йиғлайди.

Май бирла шаробга гар бўлса ошиқ,
Жирканч одатларга яшаса содиқ.
Ном қозонолмаса аблаҳдан ортиқ,
Юрак-бағри вайрон-эркак йиғлайди.

Бир умр манглайдан терлари оқса,
Нихоят унга хам бахт кулиб боқса.
Ўлим фариштаси эшигин қоқса,
Ўлим-шер, у-жайрон-эркак йиғлайди.

Ўз жигари қаддин эгиб қўйган дам,
Кўнглин тирнаганча хасрат, алам, ғам.
Мамлакат бошқарган султон бўлса хам,
Деб мен хам қул инсон-эркак йиғлайди.

Шеър сўнггида тортди Абдураҳмон ох,
Юраги санчганча дард чекди гох-гох,
Кечиргил бизларни кечир ё Аллоҳ,
Кечирмасанг хар он-эркак йиғлайди.

Ваши отзывы

  • Коментарии
Яндекс.Метрика