Лайлатул Қадр кечангиз муборак бўлсин!

kod
Дил ойнасин поклаб дилгир ғуборлардан, 
Кўркли бўлинг, тақиб Арший туморлардан. 
Юзни буриб ҳар нокасу, мурдорлардан 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Малойиклар теграмизда дуодадир, 
Дийдори ҳам шукронали нидодадир, 
Бу тун қадрин юракларга битиб чиқинг, 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Болам туринг ! Бегим сиз ҳам бўлинг бедор, 
Бу муборак лаҳзаларга етмаган бор. 
Қиёмати қойимгача такрор -такрор 
Сарваримга саловотлар айтиб чиқинг! . 
Саломларга тўлиб кетсин самовотлар, 
Тилларимиз бурро қилсин тиловатлар. 
Юракларда бўлмасин кин, адоватлар 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Дўстни қўйинг, душманни ҳам дуо қилинг, 
Беиймонга иймон бер деб нидо қилинг, 
Шайтонни ҳам гунг қилгувчи садо қилинг 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Аҳли ислом, илм бирла топинг иззат, 
Хақ йўлида ҳидоятла айланг хизмат. 
Муҳаммади Мустафонинг йўли ибрат 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Қадр кутиб, кадрин топсин умматлари, 
Шом аҳлин ҳам тугаб битсин ғурбатлари, 
Энг суюкли пайғамбарин хурматлари 
Сарваримга саловотлар айтиб чиқинг! . 
Куфр қилманг, кулгу бўлиб кофирларга, 
Мазаҳ бўлдик қанча оми, жоҳилларга 
Қурол эмас, Қуръон олиб бу қўлларга 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Тилдан эмас дилдан чиқсин муножотлар, 
Насиб этсин Хақдан улуғ дарожотлар, 
Ҳамрдларим, ҳамфикру, ҳамнажотлар 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг! . 
Фаришталар сўзлаб берсин бу тун васфин, 
Аршдан тўксин бошингиздан мушки аслин. 
Жанннатига лойиқ килсин Одам наслин. 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг!. . 
Дил ойнасин поклаб дилгир ғуборлардан, 
Кўркли бўлинг, тақиб Арший туморлардан. 
Юзни буриб ҳар нокасу, мурдорлардан 
Сарваримга саловатлар айтиб чиқинг!

Ваши отзывы

  • Коментарии
Яндекс.Метрика