АЛЛОҲ ҚАСОСИ
Дата релиза:
Просмотров: 157
Просмотров: 157
Средний балл: 0
Кеча Худоман деб хайқирган гумроҳ,
Бугун тобутида жим ётур э, воҳ.
Забонимдан шу байт тўкилди ногоҳ,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кўнгли буюрганни тушириб паққос,
Кеча долларларга кўмилган раққос.
Бугун мухтожликда, айласам таққос,
Қақшатқич бўларкан, Аллоҳ қасоси.
Кеча танин сотган жанона бир қиз,
Бугун хеч кими йўқ жувондир ёлғиз.
Уни хароб этмиш хирсдек ялмоғиз,
Қақшатқич бўларкан, Аллоҳ қасоси.
Кеча ўз отасин урган падаркуш,
Бугун ўз ўғлидан еб турибди мушт.
Кўзларидан ёмғир тўкмоқда хомуш,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кеча фарзандидан воз кечган беор,
Бугун кўринг энди, тирноққадир зор.
Кўнглин қасри бўлмиш бутунлай тор-мор,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кеча маъсума қиз руҳсори офтоб,
Бугун тақмай қўйди оғирдай хижоб.
Базм-у жамшидларда тотмоқда шароб,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кеча йиғлаб ўқиб Каломуллоҳни,
Бугун унутганлар бордир Аллоҳни.
Шулар қуларларда кўрмасдан чохни,
Қақшатқич бўлади Аллоҳ қасоси.
Кеча ўз халқини қустирганлар қон,
Бугун азобдадир беролмасдан жон.
Томоғидан ўтмас бир тишлам хам нон,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кеча ўзимни хам танимас эдим,
Бугун Худойимни танидим, севдим!
Кўзим очилди-ю, шу онда сездим,
Қақшатқич бўларкан Аллоҳ қасоси.
Кеча судхўрликка ўрганган машшоқ,
Бугун фақирлашмиш, мискин ва қашшоқ.
Абдураҳмон, сен хам қилмишингга боқ,
Қақшатқич бўлар бил, Аллоҳ қасоси.
Ваши отзывы
- Коментарии