Мен ҳам қайнона

kod
Ўнта хотин ўтирдик 
Бир даврада, бир тўйда. 
Ҳар тўғрида гаплашдик, 
Ҳар алфозда, ҳар куйда. 

Гап уланди бир долзарб 
Келин деган мавзуга. 
Ким лойиқ, ким нолойиқ 
Қайноналик мавқега. 

Ҳаммамиз ҳам қайнона 
Гапимиз тугун-тугун, 
Келинларнинг қулоғи 
Роса қизиди бугун. 

Гапни олди биздан ҳам 
Ёши каттароқ аёл. 
Ёшини ҳурмат қилиб, 
Ҳамма жим бўлди дарҳол. 

Келинга қаттиқ қўллик 
Қилиш керак деди у 
Қайноналик ўрнини 
Билиш керак деди у. 

Менинг беш келиним бор. 
Нима десам кўнади. 
Гаҳ десам бешови ҳам 
Қўлларимга қўнади. 

Қайси сўзимдан чиқса 
Кўрсатаман кўзига 
Ювош бўлиб бир зумда 
Кеб қолади ўзига. 

Бир аёл деди: эрта 
Бир кун қаришимиз бор. 
Ёмон кўрса келинлар 
Бўлмаймизми ҳору-зор!? 

Қарар, деб умид қилманг. 
Бошингизга чиқволса 
Ҳатто ўз фарзандингиз 
Гап уқмас эрка бўлса. 

Мен ҳам ўйланиб қолдим. 
Қандай бўлди буёғи 
Шу битта келинга ҳам 
Бўшроқ кетибман, чоғи! 

Эрта бир кун менсимай 
Қўйса қандай қиламан 
Энди мен ҳам бугундан 
Қаттиққўллик қиламан. 

Дарвозадан кирдиму, 
Комиссия бўлволдим. 
Қаддим кўтариб кўзга 
Ойнакни ҳам қўйволдим. 

Иш режаси ҳам тайин, 
Биринчи гал ҳайфсан. 
Иккинчи гал ишидан 
Ҳайдаб ҳам юбораман. 

Текшир-текширни аввал 
Ошхонага ташладим. 
Полгача силаб кўриб, 
Чанг қидира бошладим. 

Газ плита, ҳаттоки, 
Деворни ҳам силадим. 
Сочиқчаларни олиб, 
Биттта-битта ҳидладим. 

Иш топмадим бу ердан, 
Энди уйга ўтаман. 
Шифонердаги кийим, 
Бўхчаларни титаман. 

Разм солдим ҳар ерга, 
Уй саранжом, саришта. 
Бекорга уриняпман, 
Бу келиним фаришта. 

Тўхта, тўхтачи ўзи 
Кўринмаяпти нега?! 
Ёки мендан сўроқсиз 
Кетти она уйига? 

Қон босимим икки юз- 
Тўқсонга чиқиб кетти. 
Шайтон қўндими дейман 
Тилим ҳам қичиб кетти. 

Ўқдек учиб ўтгандим, 
Кейинги хонага ҳам, 
Бешигини тебратиб, 
Турарди келингинам. 

Ассалому-алейкум, 
Келдингизми, ойижон? 
Узр билмай қолибман, 
Келганингизни қачон. 

Тўй-шовқинда бошингиз 
Оғригандир, биламан, 
Сиз ёнбошланг, мен аччиқ 
Кўк чой дамлаб бераман. 

Бу ёққа ўтақолинг, 
Шу кўрпача мулойим, 
Раҳмат, кўп яшанг қизим, 
Бахтли бўлинг илойим. 

Бояги шижоатдан 
Қолмади бир урвоғи. 
Яхши сўз бирла келин 
Сеҳрлаб қўйди чоғи. 

Ўла қолай, мен содда, 
Бойитмай билимимни. 
Ҳафа қилиб қўярдим 
Фаришта келинимни. 

Ўз келиним устидан 
Тафтиш қилиб юрибман 
Ўша касофат хотин 
Сўзларига кирибман. 

Касофатинг ўзинга 
Урсина, ёмон хотин 
Аслида шунақалар 
Булғар қайнона отин. 

Енгилгина бир танбеҳ, 
Бериб қўяй барибир. 
Не учун набирамга 
Алла айтмайди ахир. 

Шу бугундан болага 
Айтасиз дедим алла 
Ҳар куни текшираман 
У ухлайдиган палла. 

"Комиссия" келиним 
Ишин аъло деб топди. 
Енгил бир танбеҳ билан 
Катта ишини ёпди. 

Собира Қурбонова.

Ваши отзывы

  • Коментарии
Яндекс.Метрика