НАМОЗ ЎҒРИСИ
Дата релиза:
Просмотров: 200
Просмотров: 200
Средний балл: 0
Кунларнинг бир кунида,
Юмушларим битказиб.
Намозимга киришдим,
Вақтидан хўп ўтказиб.
Шу пайтда бир вахийма,
Тушди гаранг бошимга.
Хаёлим олиб кетди,
Улгурмаган ишимга.
Ваъда қилиб мижозим,
Яна бугун келмади.
Қарз олган синфдошим,
Қарзин хали бермади.
Берганида шу пулга,
Яна бир оз қўшардим.
Янги қурган уйимга,
Қалин гилам тўшардим.
Вой,телефон бонг урди,
Кимдир молим олгандир.
Балки янги уловга,
Навбатим ҳам келгандир.
Дея мен бирин-кетин,
Роса хаёл сурибман.
Ўзимга келиб боқсам,
Мен намозда турибман.
Қайси ракат эканин,
Эслолмайин кийналдим.
Худди довдир қўй каби,
Арқонимга ўралдим.
Дерларки бу ҳақида,
Фиқхда бордир масала.
Эслолмасанг ракатинг,
Гумонингга бир қара.
Ҳа ниҳоят дарвоқе,
Бу учинчи ,эсладим.
Чунки қаъда вақтида,
Мудроқдан кўп эснадим.
Ҳа айтгандек, яна бир,
Хатога йўл қўйибман.
Асрга мен шошилиб,
Шомга ният қилибман.
Дедим бу қандай намоз,
Бу қандайин ибодат.
Гўё тана бор ва лек,
Рухи йўқ, ўлик жасад.
Бу хунук ҳолатимга,
Мен ташладим бир назар.
Балки бутун ибодат,
Шул ҳолдами ал хазар!
Қани менда чин ихлос,
Қани Ҳаққа муҳаббат.
Шу зайлда ўтсам гар,
Куйгусидир охират.
Мен кўп ҳам афсус қилдим,
Шикаста бу ҳолатдан.
Тезликда ўқиб олдим,
Намозимни бошқатдан.
Намоз бу ихлос билан,
Саждага бош қўйишлик.
Мўминга ҳеч наф бермас ,
Қуруқ ётиб туришлик.
Намоз Ҳаққа боғланиш,
Намоз ютуғ, имкондир.
Ундаги ҳушу-ҳузу,
Ибодатдан аркондир.
Намозингни гўзал қил,
Дўст, айтурман тўғрисин.
Арконларин ўмариб,
Бўлма намоз ўғриси!
Хаққа нидо қилдим мен,
Тўлдир деб нуқсон, озим.
Сен ғафлатдан нари қил,
Сарварнинг ҳар намозин.
Ваши отзывы
- Коментарии